Коллежлар ўрнида замонавий таълим муассасалари жорий этилади

Жорий йил 6 сентябрь куни Президентимизнинг “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Профессионал таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали меҳнат бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда бу жараёнга иш берувчиларни кенг жалб қилиш мақсадида қабул қилинган мазкур фармон юртимизда кейинги йилларда кўп муҳокама этилаётган коллежларнинг эртанги тақдирини белгилаб берди. Чунки давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2018/2019 ўқув йилидан умумий ўрта таълим мактабларида 11 йиллик мажбурий таълим жорий этилгач, мамлакатимиздаги касб-ҳунар коллежларининг қайсилари фаолиятини тўхтатиши, қайсилари давом эттириши кўпчиликни ўйлантириб келаётганди.
Албатта, шу пайтгача ишлаб келган тизимни бирдан ўзгартириш ва янги тартиблар жорий этишнинг ўзи бўлмайди. Бу борада ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилиши, бошқа давлатларнинг тажрибаси ва халқаро амалиёт, энг муҳими, аҳолининг хоҳиш-истаклари ҳисобга олиниши лозим.
– Барчамизга маълум, кейинги йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ривожланишини таҳлил қилиш натижалари тизимнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини ва туб ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатди, – дейди Самарқанд вилояти касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Розиқ Файзиев. – Хусусан, касб-ҳунар коллежлари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлмаган масофада жойлаштирилганлиги, моддий-техника базасининг таъминланиш даражаси пастлиги, касб-ҳунар таълими тизими учун зарур бўлган кўплаб дарсликлар ва ўқув қўлланмалари етарли эмаслиги, кадрлар тайёрлаш тизими ҳудудлардаги иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжларига жавоб бермаслиги ва бошқа омиллар бунинг асосий сабабларини ташкил этди. Эндиликда, давлатимиз раҳбари фармони билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич (касб-ҳунар мактаблари), ўрта (коллежлар) ва ўрта махсус (техникумлар) профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этиладиган бўлди.
Халқаро таснифлагич 9 та даражадан иборат бўлиб, 0, 1, 2-даража мактабгача таълим ва умумий ўрта таълимга, 3, 4, 5-даража профессионал таълимга, 6, 7, 8-даража олий ва олий таълимдан кейинги таълимга мос келади.
Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келадиган касб-ҳунар мактабларида кадрлар тайёрлаш умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади.
Самарқанд вилоятидаги касб-ҳунар коллежларининг 37 таси ушбу даражага киритилиб, касб-ҳунар мактабига айлантирилади. Бу мактабларда таълим олаётган ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади ёки мазкур овқат пулларини уларга тўлаб берилади.
9 коллежимиз эса халқаро таснифлагичнинг 4-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида ўрта профессионал таълим босқичида ўқитадиган таълим муассасаси, яъни коллеж сифатида фаолиятини давом эттиради. Коллежларда ҳаёт давомида таълим олиш принципи асосида камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосидаги таълим амалга оширилади.
Вилоятимиздаги 18 коллеж халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида ўқитадиган, олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият юритадиган таълим муассасаси, яъни техникумга айлантирилади.
Техникумларда ҳам ҳаёт давомида таълим олиш принципи асосида камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида ўқиш амалга оширилади. Бу даргоҳларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш тест синовларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларига халқаро таснифлагич бўйича асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилади.
Бундан ташқари, вилоятдаги касб-ҳунар коллежларининг 2 таси касбга ўқитиш марказларини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимига ўтказилади. Туманлардаги 2 коллеж эса олий таълим муассасалари қувватларини ошириш, истиқболда хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларини ташкил этиш учун бериладиган бўлди. 19 коллеж олий таълим муассасаларининг кўп тармоқли ўқув марказлари ва амалиёт полигонларини ташкил этиш учун ажратилиши белгиланди. 54 коллеж биносидан эндиликда умумий ўрта таълим муассасаси сифатида фойдаланилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>