Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари

Мустақиллик йилларида миллий истиқлол ғояси халқимизнинг миллий тикланишига хизмат қилди. Ғоявий курашларда кунимизга яради. Халқимизни бирлаштирди, бузғунчи ғоялар моҳиятини тушунтирди. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги – Миллий юксалиш босқичига кирди. Конституциямизга асосланган, халқимизнинг туб манфаатларига жавоб берадиган Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси амалда. Кейинги йилларда эришилган юксак марралар халқимизни бахтли қилишга қаратилган ислоҳотлар самараларини яққол кўрсатмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга оширишда биз учун куч-қудрат манбаи бўладиган миллий ғояни ривожлантиришимиз зарурлиги алоҳида таъкидланди. 2019 йил 8 апрель куни Президентимизнинг Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги фармойиши қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат қабул қилинишининг зарурати нималарда намоён бўлади? Ривожланган мамлакатларда миллий ғоя давлат мақсадларини халқ мақсадларига уйғунлаштиради. “Бир ҳудуд – бир халқ” эътиқодини шакллантириб, мамлакатлар аҳолисини бирлаштиргани, умумий мақсад йўлида сафарбар қилганига мисоллар кўп. Уларнинг аксарида миллий ғоя миллий қадриятларга боғлаб сингдирилганини кўрамиз.

Масалан, “Тарих – синтоизм – конфуцийлик – самурайлик иродаси” қадриятлари негизида япон миллий ғояси ишлаб чиқилди. Одамларга ишонч, рағбат берилди. Мактабнинг тарбиявий ишлар тизими, ғояси ислоҳ қилинди. Уюшган миллатнинг жуда қаттиқ меҳнати ўлароқ, дунё “Япон мўъжизаси”нинг гувоҳи бўлди. Хитойда ҳам миллий заминга – Конфуций таълимотига мурожаат қилинди. Конфуций меросидан диний таълимот эмас, балки ахлоқий (хулқ учун) асос сифатида фойдаланди. Ёшлар тарбияси “Она Ватанга хизмат қилиш ва содиқ бўлиш” ғояси асосида ташкил этилди. Ёшларга шахсий ва миллий манфаатларни уйғун тутиш ўргатиб борилди.

Мамлакатимизда миллий ғояга янги давр, миллатимиз тарихининг янги босқичи талабларидан келиб чиққан реал талаблар қўйилмоқда.Илгари миллий ғоя ижтимоий-гуманитар, маънавий-маърифий масала, деб тушунилди. Бугун унинг иқтисодий-сиёсий пойдевори – Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси бор. Тактикаси – ҳар йилнинг бош Дастури, маблағи, ижрочилари бор. Демак, янги даврда миллий ғоя гуманитар масала бўлиб қолмайди. Чунки унинг натижасига қаратилган иқтисодий тизим ишламоқда. Миллий ғоя рўёби учун демократик муҳит ҳал қилувчи роль ўйнайди. Демократия – тўғрилик, ростлик, адолат, қонунийликнинг шарти. Ноҳақдан – ҳақни, золимдан – мазлумни, зўравондан – ожизни ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шу ҳақда жар солади. Жамоатчилик назоратини ишга солади. Чунки миллий ғоя аҳолининг бир тоифаси эмас, ҳамма яхши яшасин, ҳаётдан рози бўлсин, дейди. Мамлакатда адолат, қонунийлик бузилар экан, демократия ҳам, миллий ғоя ҳам қуруқ шиорлар бўлиб қолади. Халқ норози бўлади. Халқ норозими, демак, миллий ғоя ўз бонгини урмаётган, вазифасини бажармаётган бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар миллий ғоя халқимизнинг куч-қудратига айланиши учун шароит яратди. Энди гап миллий ғояни ҳар бир ўзбекистонликнинг ниятига ва ҳаракатига айлантиришда. Яхши фикр яхшиликка, ёмон фикр ёмонликка йўл очади. Ахборот майдонини нуқул негатив контент эгаллаб олмаслиги учун позитив, яхши, некбин мазмун, мавзулар билан мутаносиб тўлдиришга алоҳида эътибор қаратмоғимиз зарур. Негаки, биз катталар ҳам, болаларимиз ҳам ҳар куни яхши-ёмон фикрлардан таъсирланамиз. Бир-биримиз билан ижтимоий тармоқда тортишамиз, айтишамиз, уришамиз. Лекин биз буларнинг негатив фикрлардан бошланган ғоялар кураши эканлигини англамаймиз.

 

Миллий ғоямизнинг бош ғояси “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”. Юксалиш – ҳаракатни талаб қилади. Демак, миллий ғоямиз ҳаракатлар мафкураси бўлади. Миллий ғоя одамларга ислоҳотлар ким учун, нима учунлигини, аҳамиятини тушунтиради. Ётганни – ўтқазади, ўтирганни – турғизади, турганни – юргизади, юрганни – югуришга ундайди. Тушунтиради. Чунки шуларни тушунмаган одамлар бирлашмайди, кўр-кўрона, юзаки ишлайди. Бири ишласа, иккиси томошабин бўлади. Тушунганлар бирлашиб, ихтиёрий, завқ билан ишлайди. Натижада ҳаётидан рози бўлади. Ўз миллий ғоясини англаган халқни тўхтатиб бўлмайди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>