Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари

Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари

Оила қуриш инсон ҳаётидаги энг масъулиятли ишлардандир. Мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳар бир оила мустаҳкам пойдеворга эга бўлишига эришиш, жамиятда ҳар бир гўдакнинг соғлом туғилиши ва яшаб кетишини тўла кафолатлайдиган зарур шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, халқимизнинг муқаддас урф-одатлари сайқал топадиган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир. Асосий қонунимизнинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дея белгилаб қўйилган. Мазкур тамойил асосида мамлакатимизда оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унга моддий ва маънавий кўмак бериш чоралари кўрилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади.

– Туманимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, тиббий маданиятни ошириш ва ёшларнинг никоҳга оид тушунчаларини кенгайтириш, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир, – дейди туман ҳокими ўринбосари туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Сулаймонова. – Афсуски, ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, репродуктив саломатлик талабларига зид равишда қизларни барвақт турмушга узатиш ҳоллари кузатилмоқда.

Бугунги кунда скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келаётир. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, келин-куёвларнинг ҳаёти издан чиқади.

Ана шундай салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида туман Хотин-қизлар қўмитаси томонидан соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда “Соғлом оила”, “Соғлом турмуш”, “Репродуктив саломатлик”, “Бола парвариши” каби мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири туман 1—сонли ФҲДЁ бўлимида никоҳ арафасида турган ёш келин-куёвлар иштирокида ўтказилди.

-Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари қошида ташкил этилган “Оила дорилфунуни” машғулотлари соғлом оилани шакллантириш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу машғулотларда шифокорлар, ҳуқуқшунослар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари ёшларга никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, соғлом турмуш тарзи бўйича зарур маълумотларни бермоқдалар, – дейди туман 1-сонли ФҲДЁ бўлими мудири О.Жумаева.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахтли бўлишини истайди, албатта. Лекин қизимни тезроқ турмушга берсам, хотиржам бўлардим, деган нотўғри қараш билан қайсидир маънода ўз ҳаловатини ўйлайдиган, фарзандининг ўқишни давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича ишлашига тўсқинлик қиладиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Мана шундай ота-оналарга тушунтириш мақсадида барча қишлоқ ва маҳаллаларда мутахассислар иштирокида аҳоли вакиллари билан мунтазам давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда қиз болани барвақт турмушга бериш ва эрта фарзанд кўриш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқ.

– Халқимиз орасида қизларнинг катталар, айниқса, ота-она раъйига қарши бормаслиги одатга айланган, – дейди туман Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахасиси Н.Хушвақтова. – Кўпинча эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг қайд этилишига ана шу ҳолат сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида мактаб, коллеж ўқувчилари билан эрта турмушга чиқиш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари каби мавзуларда давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқотлар ўтказмоқдамиз.

Соғлом фарзанд соғлом онадан дунёга келади. Ёшларда соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантиришдек эзгу ишлар замирида, аввало, баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамдир.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>